Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
Фурқат тумани Давлат хизматлари марказининг янги биноcи фойдаланишга топширилди
2022-04-21 22:33:40 336
Бугун, 21 апрель куни истиқлол билан тенгдош бўлган Фурқат туманида бутунлай янгидан барпо этилган замонавий кўринишга эга Давлат хизматлари маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида адлия вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги вакиллари, туман фаоллари, тўрт сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев ҳамда туман ҳокими Жаҳонгир Жумановлар сўз олиб, янги бино фурқатликлар учун муқаддас Рамазон ойида муносиб туҳфа бўлганлигини эътироф этдилар. Шу билан бирга соҳа ходимларига фуқароларни ҳамиша очиқ чеҳра ва самимий табассум билан кутиб олиб, уларга шараф билан хизмат қилишларини, фуқароларни давлат идораларидан рози қилишдаги масъулиятли вазифангизни шараф билан адо этишларини тиладилар. Очилиш маросимида алвон ленталар қирқилиб, йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
- Марказимизнинг аввалги ҳолати кўзда тутилган стандартларга жавоб бера олмас эди, - дейди ДХМ бўлим бошлиғи Нилуфархон Юнусова, - Мижозларнинг сифатли хизмат олишларига кўмаклашиш мақсадида янги барпо этилган марказимиз тез фурсатларда ўзига хос дизайн асосида қулай ва шинам кўриниш касб этди. Тўлиқ равишда қўшимча қулайликлар ва замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Бу каби янги ва замонавий бинолар фақат ва фақат халқ манфаатлари учун хизмат қилади.
Фойдаланишга топширилган марказда бир вақтнинг ўзида 10 нафар, бир кунда 500 нафардан ортиқ фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Айни кунларда замонавий тарзда жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналар, кутиш заллари, болалар майдончаси, инвесторлар хонаси, инфоленд, касса, ошхона мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилади. Марказда тадбиркорлик субъектлари учун ҳам барча қулайликлар мавжуд. Бинода инвесторларга хизмат кўрсатиш учун махсус жой ҳозирланган. Фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш бурчаги, кутиш зали, тиббиёт хонаси, E-аукцион ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шароитлари яратиб қўйилган.
Шунингдек, янги бинода Фурқат туман Ахборот-кутубхона марказининг кўчма кутубхонаси ҳам ташкилланган бўлиб, бу ерга келган фуқаролар навбатлари келгунига қадар мароқли хордиқ чиқаришлари учун барча имкониятлар яратилган.
Ушбу янгидан барпо этилган марказ биносининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда компакт тарзда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ҳам жой олган. Эндиликда Адлия вазирлиги тизимидаги бу ҳар икки ташкилотга эҳтиёж сезган фуқаролар туманнинг у четидан бу четига боришмайди. Барча ишлари шу ернинг ўзида ечим топади.
Марказ биноси “Қўқон бунёдкори” МЧЖ қурувчилари томонидан анъанавий архитектура ва халқаро меъморий дизайн билан уйғунлаштирган ҳолда бунёд этилди. Ташкилотчилар томонидан “Қўқон бунёдкори” МЧЖ раҳбари Адҳамжон Бўроновга алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Шу куни “Бахт уйи”нинг янги биносида Абдусаломовлар оиласининг никоҳлари тантанали қайд этилиб, Адлия вазирлигининг эсдалик совғалари ҳамда “Никоҳ гувоҳномалари” топширилди.
Шундан сўнг, туман Маданият бўлими ходимлари ҳамда 12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг концерт дастури намойиш этилди.