Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ!
2022-10-31 09:24:47 229
Ҳаётда китобларни ўқиш орқали донишмандларни ҳикматли сўзлари билан танишамиз, улардан зарур хулосалар чиқаришгаҳаракат қиламиз.
Оила фарзандлардан бошланади. Оила ҳаётининг бош муддао ва мақсади – болалар тарбиясидир. Болалар тарбиясининг бош мактаби эса, эру хотин, ота-онанинг ўзаро муносабатидир. Болаларни ўстириш ва тарбиялаш улкан, жиддий ва ҳаддан ташқари масъулиятли ишдир.
Ушбу ҳикматли сўзлар қачон айтилганидан қатъий назар, барча замон кишилари учун ибратлидир.
Атоқли ўзбек адиби Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобини ўқимаган одам кам топилса керак. Адиб ушбу китобидаги “Бузилган никоҳ” деб номланган кичик мақоласида шундай ёзади:
Уйни қонуний бўлишдингиз...
Мол-мулкни қонуний бўлишдингиз...
Муҳаббат бўлакланди...
Садоқат бўлакланди...
Болачи? Болани қайси қонун билан бўлашасиз? Онаси билан бўлса, отасиз қолса. Отаси билан бўлса, онасиз қолса... Яхшиси униям иккига бўлинг! Бир нимтаси – эрга! Бир нимтаси – хотинга!
Қани кўтаринг болтани, боланинг уволи тутгурлар!
Ҳар сафар бола тарбияси билан боғлиқ ишларни кўрганда адибнинг айни бизнинг замонамиз кишиларига қарата айтган, бироз зардали, кинояли, аччиқ истеҳзога тўлиқ мақоласи ёдимга тушаверади.
Шунда суд мажлисида фақат ўзининг важларини тўғри санаб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмасликка уринаётган, болани бир-биридан ўч олиш қуролига айлантириб олган, оила деб аталмиш даргоҳнинг қадр-қимматини тушунмайдиган айрим ота-оналарга қарата “Ҳой инсонлар, сизлар арзимаган сабаб-баҳоналар билан болаларнинг бебаҳо ёшлигини, ҳаловатини ўғирламоқдасиз, бу болалар бахтли бўлишга, ота-она меҳридан баҳраманд бўлишга, бобо-бувиси билан кўришиб туришга, ўйнаб кулишга, ҳаётдан завқ олишга, тўлақонли билим эгаллашга, спорт билан шуғулланишга ҳақли, лекин сизлар уларни шундай имкониятлардан маҳрум этмоқдасиз, маънавий жиҳатдан майиб қилмоқдасиз, эртага ушбу қилмишларингизни аччиқ мевасидан ўзингиз баҳраманд бўласиз” дегимиз келади.
Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг судьяси
Нозимжон Эгамов