Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
ТАБАРРУК 109 ЁШНИ ҚАРШИЛАГАН ОНАХОН ЭЪТИРОФ ВА ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА
2021-08-28 18:34:39 253
БУ КУНЛАРГА ЕТГАНЛАР БОР…
Бугунги кунимиз, ўтаётган ҳар лаҳза ва онимиз эртага тарихга айланади. Вақтнинг қадрига етиб, ўзи, яқинлари, юрти ва халқи учун эзгу ишларни амалга оширган инсонларни бугунги ва келажак авлод қадрлайди ва эъзозлайди. Инсон меҳнати қадрланадиган, Ватан равнақи йўлидаги фидоийлиги улуғланадиган мамлакатимизда Президентимиз томонидан бир гуруҳ олийжаноб инсонларнинг эл-юрт олдидаги хизматлари эътироф этилди ва муносиб тақдирланди. 97 нафар тумандошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди. Улар орасида Эшон шаҳарчасида умргузаронлик қилаётган 109 ёшли Орзубиби ая Пўлатова ҳам бор.
Орзубиби аянинг умр йўли бугунги авлод учун ҳам ибрат, ҳам сабоқ, ҳам тарих кўзгуси, десак муболаға бўлмайди. Нозиккина жуссаси билан уруш азоблари, очарчилик, қаҳатчилик, оғир меҳнатлар юкини кўтарган онахон фронт ортидаги меҳнатлари, Катта Фарғона канали қазилишидаги фидокорлиги, урушдан сўнг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги яратувчилик ишлари билан доимо ҳаётнинг олдинги сафида бўлди.
4 нафар фарзанди, 50 нафар невара-ю, 30 дан ортиқ эваралари ардоғида яшаётган Орзубиби ая Президентимиз Фармонига асосан юксак мукофот билан тақдирланганини эшитиб, кўнгли тоғдек кўтарилди.
Эсдалик нишонини топшириш учун Президент Администрацияси вакили Намозжон Эшонқулов, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Акмалжон Пўлатов, туман ҳокими Жаҳонгир Жуманов, ИИБ бошлиғи Тўрабек Эгамбердиевлар ва жамоатчилик вакиллари онахоннинг хонадонига ташриф буюрдилар. Ая мукофотни қабул қилар экан, қувонч кўзёшлари билан эътироф ва эътибор учун юртбошимизга миннатдорчилик билдириб, мустақиллигимиз, тинчлик ва барқарорлик абадий бўлишини тилаб, дуога қилдилар.
Орзубиби аяни ва барча тақдирланган тумандошларимизни Президентимиз эътирофи ва юксак мукофот билан муборакбод этамиз.
Фурқат тумани ҳокимлиги АХБОРОТ ХИЗМАТИ.