Размер шрифта цвет картина

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Подписка на новости


На сайте сейчас 18 пользователей Статистика телефон доверия


ОИЛА ҚОНУНЧИЛИГИДА ДАЪВО МУДДАТЛАРИ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

×

 2022-04-28 17:03:42    432

Скачать PDF
Печать


Ҳозирги кунда суд амалиётида Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 27-моддасининг 9-қисмида кўрсатилган уч йиллик даъво муддати ўтишининг бошланиш даври ҳақида турлича қарашлар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Шунинг учун, ушбу масала баҳс талаб мавзу деб ҳисоблаймиз ҳамда мазкур масала юзасидан айрим фикр ва мулоҳазаларни баён қилдик.

Мисол учун, даъвогар Э.И. жавобгар Э.М.га нисбатан умумий мулкни бўлиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, Қарши шаҳар, Фаробий кўчасидаги 1000-уйни бўлишни сўраган. Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинган.

         Аниқланишича, Э.И. ва Э.М.лар 1979 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганлар, биргаликдаги турмушларидан уч нафар фарзандли бўлганлар.

1993 йилда уларнинг биргаликдаги турмушлари мобайнида Қарши шаҳар Фаробий кўчасидаги 1000-уйни жавобгар Э.М.нинг номига сотиб олинган. 1995 йилдан буён тарафлар бирга яшамайдилар. 2020 йилда тарафлар қонуний никоҳдан ажратилганлар.

         Суд муҳокамаси жараёнида жавобгар Э.М. судга ариза билан мурожаат қилиб, даъво муддатини қўллаб даъво талабини қаноатлантиришдан рад этишни сўраган. Унга кўра, жавобгар даъвогар Э.И. билан 1995 йилда бери бирга яшамаслигини, даъвогар шу йили низоли уйдан ва уй рўйхатидан чиқиб кетганлигини, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги №06-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 28-бандига кўра, Оила кодекси 27-моддасининг тўққизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозим (ФК 154-моддаси биринчи қисми) деб кўрсатилганлигини, юқоридаги Пленум қарори талабига кўра, даъвогар ўз ҳуқуқи бузилганлигини билиши лозим бўлган кун бу 1995 йилдан бошлаб даъво муддатининг ўтиши бошланганлигини, даъвогар даъво қилиш муддатини ўтказиб юборганлигини билдириб, даъвони қаноатлантиришдан рад қилишни сўраган.

         Суд, жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасига асосан эмас балки, даъвогар низоли уй-жойдан улушини пул компенсация тарзида олишни истамаган ва даъво талабини ўзгартирмаганлигини, шунингдек, экспертиза хулосасига кўра, низоли уй-жойни бўлиш варианти мавжуд эмаслиги учун даъво талабини қаноатлантиришдан рад қилган.

Айни ҳолатда судлар томонидан оилавий ҳуқуқий муносабатларини тартибга солишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси билан бир қаторда Фуқаролик кодекси ва Пленум қарорларини қўллаб келмоқда.  

Ўзбекистон Республикасининг Никоҳ ва оила кодексининг (1969 йилдаги таҳрири) 27-моддасида эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш кўрсатилган бўлиб, унинг 3-қисмига кўра, никоҳдан ажралган эр-хотиннинг мулкни бўлиш ҳақидаги талаблари учун уч йиллик даъво муддати белгиланади деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Никоҳ ва оила кодексининг (1969 йилдаги таҳрири) 27-моддасида эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш кўрсатилган бўлиб, унинг 3-қисмига кўра, никоҳдан ажралган эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланган мол-мулкни бўлиш ҳақидаги талаблари учун уч йиллик даъво муддати белгиланади (Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг 1980 йил 29 апрель Фармони таҳририда — ЎзР Олий Советининг Ведомостлари, 1980 йил, № 13, 196-модда) деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасида эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш кўрсатилган бўлиб, унинг 9-қисмига кўра, никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги №17-сонли “Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 30-бандига кўра, Никоҳ ва оила кодекси 27-моддасининг 3-қисмида кўрсатилган ажралган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш ҳақидаги талаблари учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтиши, эр ёки хотин ўзининг ҳуқуқи бузилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошланади. Даъво муддати никоҳдан ажралиш фуқаролик ҳолати актларини қайд қилиш органида рўйхат қилинган кундан бошлаб ҳисобланади деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги №22-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 36-бандига кўра, Оила кодекси 27-моддасининг 9-қисмида кўрсатилган, ажралган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш ҳақидаги талаблари учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтиши, эр ёки хотин ўзининг ҳуқуқи бузилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошланади. Даъво муддати никоҳдан ажратиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ҳисобланади деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги №06-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 28-бандига кўра, Оила кодекси 27-моддасининг тўққизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозим (ФК 154-моддаси биринчи қисми) деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 154-моддасида даъво муддатининг ўта бошлаши кўрсатилган бўлиб, унинг 1-қисмига кўра, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади деб кўрсатилган.

Юқоридагиларни ўқиб чиқиб, ўринли савол туғилади, нима сабабдан қонуннинг (Оила қонунчилигининг 27-м.) моҳияти ўзгармаган бўлса-да, бироқ, Пленум қарорларида мазкур нормага турли йилларда турлича тушунтиришлар берилган? Чунки:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 30 апрелдаги №608-I-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида”ги Қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 1998 йил 1 сентябрдан эътиборан амалга киритилган, Ўзбекистон Республикасининг 1969 йил 6 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Никоҳ ва оила кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1969 йил, № 16, 142-модда) ўз кучини йўқотган.

Ўзбекистон Республикаси Никоҳ ва оила кодексининг (1969 йилдаги таҳрири) 54-моддасида никоҳнинг бекор бўлиш вақти кўрсатилган бўлиб, унга кўра, ажралиш гражданлик ҳолати актларини ёзиш органида қайд қилинган вақтдан бошлаб никоҳ бекор бўлган ҳисобланади деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг (01.09.1998 йилдан амалга киритилган) 47-моддасида никоҳдан ажратилганда никоҳнинг тугатилиш вақти кўрсатилган бўлиб, унга кўра, никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан, никоҳдан судда ажратилганда эса, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб никоҳ тугатилади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори нусхаси никоҳдан ажратганлик тўғрисидаги гувоҳномага тенглаштирилади. Ҳал қилув қароридан нусха беришда ушбу Кодекснинг 45-моддасига мувофиқ давлат божи ундирилади ҳамда паспортга ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга никоҳдан ажратганлик ҳақида белги қўйилади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида суд никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига ушбу қарордан кўчирма юбориши шарт деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига шарҳлар (Т.: “Адолат” 2000. 448 б.)нинг 47-моддасига берилган шарҳига кўра, аввал амалда бўлган оила қонунларида никоҳ ҳамма ҳолларда ҳам, шу билан бирга, судда ажратилганда ҳам, никоҳдан ажратилганлик рўйхатига олинган кундан бошлаб никоҳ тугатилган. Бу ҳол ҳуқуқий ноаниқликни вужудга келтириб, амалиётда маълум қийинчиликларни туғдирар ва эр-хотиннинг суд томонидан никоҳдан ажратилганлигини рўйхатдан ўтказиб қўярди. Бунга кўра, масалан, никоҳ суд томонидан ажратилгандан сўнг туғилган бола онасининг никоҳдан ажратилганлиги ҳали ФҲДЁ органида рўйхатдан ўтказилмаганлиги туфайли, юридик нуқтаи назардан никоҳдан туғилган бўлиб чиққан ва ҳар хил шубҳаларни вужудга келтирган. Никоҳдан ажратилганда никоҳнинг тугатилиш вақтининг янги тартиби бу қарама-қаршиликларни бартараф этди деб кўрсатилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 47-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-255-сонли Қонуни (15.09.2010 йилда кучга кирган)га асосан янги таҳрирда баён этилган. Янги таҳрирдаги 47-моддасида никоҳдан ажратилганда никоҳнинг тугатилиш вақти кўрсатилган бўлиб, унга кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилади деб кўрсатилган.

31.08.1998 йилгача ажралиш гражданлик ҳолати актларини ёзиш органида қайд қилинган вақтдан бошлаб никоҳ бекор бўлган. 01.09.1998 йилдан 14.09.2010 йилга қадар никоҳдан суд тартибида ажратилганда суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб никоҳ тугатилган. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори нусхаси никоҳдан ажратганлик тўғрисидаги гувоҳномага тенглаштирилган. 15.09.2010 йилдан бошлаб никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилган.

Ўзбекистон Республикаси Никоҳ ва оила кодексининг (1969 йилдаги таҳрири) 3-боби Никоҳ ва оила муносабатларида даъво муддатлари ва муддатларни ҳисоблаш кўрсатилган бўлиб, 9-моддаси даъво муддатларини татбиқ қилиш, 10-моддаси даъво муддати ўтишининг бошланиши, 11-моддаси даъво муддатини татбиқ қилиш тартиби, 12-моддаси муддатларни ҳисоблаш каби моддалар иборат бўлган.

Мазкур кодекснинг 10-моддасида даъво муддати ўтишининг бошланиши кўрсатилган бўлиб, унга кўра, даъво муддатининг ўтиши ушбу Кодекснинг тегишли моддасида белгиланган вақтдан, агар бу вақт кўрсатилмаган бўлса, шахснинг ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошланади деб кўрсатилган.

Ушбу моддада белгиланган қоида, фақат никоҳ ва оила муносабатларидан келиб чиқадиган талабларга нисбатан даъво муддати белгиланган ҳоллардагина қўлланиши мумкин. Даъво муддати ўтишининг бошланиши даврини белгилаш масалаларига бағишланган моддалар кўп эмас. Масалан, Кодекснинг 71-моддасида даъво қўзғатиш муддатининг ўтиши боланинг ота ёки она сифатида ёзилган шахснинг бу ёзувнинг нотўғри эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган вақтдан бошланиши кўрсатилган. Айрим ҳолларда даъво муддати ўтишининг бошланиш вақти тегишли моддада аниқ кўрсатилмаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда даъво муддатининг бошланиш вақти умумий қоидаларга асосан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Гражданлик кодексининг (1963 йилдаги таҳрири) 89-моддасига асосан даъво муддати даъвога бўлган ҳуқуқни вужудга келиши билан белгиланади. Даъвога бўлган ҳуқуқ шахснинг ўз ҳуқуқини бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган вақтдан бошланади. Шу вақтдан бошлаб даъво муддати ўта бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 12-моддасида оилавий муносабатларда даъво муддатининг қўлланилиши кўрсатилган бўлиб, унга кўра, оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган талабларга нисбатан даъво муддати жорий қилинмайди, ушбу Кодекс билан белгиланган ҳоллар бундан мустаснодир. Даъво муддатини белгиловчи нормаларни қўллашда суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига амал қилади деб кўрсатилган.

Эътибор беринг ушбу модданинг биринчи қисмидаги қоидада қонуншунос оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган талабларга нисбатан даъво муддати жорий қилинмаслигини ва ушбу Кодекс билан белгиланган ҳоллар бундан мустаснолигини кўрсатмоқда. Жумладан, Оила кодексига биноан бир қатор талабларга нисбатан даъво муддати қўлланилмайди. Масалан, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, никоҳ шартномасининг шартлари ҳақидаги низолар, ота-она ва болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг вужудга келиши асосларини аниқлаш ҳақидаги низолар, алимент олишга бўлган ҳуқуқ, алимент бўйича қарзни ундиришга бўлган ва бошқа кўп талаблар бўйича даъво муддати татбиқ қилинмайди. Ушбу моддага биноан даъво муддати фақат бузилган ҳуқуқни тиклаш учун Оила кодексида муддат белгиланган холлардагина қўлланилади. Мисол тариқасида, Оила кодексининг 63-моддасида боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир деб кўрсатилган нормани келтириш мумкин. Чунки, ушбу моддада қонуншунос бир пайтнинг ўзида даъво муддати ўтишининг бошланиш даврини ва даъво муддатини белгилаб берган. 

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасида эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш кўрсатилган бўлиб, унинг 9-қисмига кўра, никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади деб кўрсатилган.

Мазкур модданинг қоидасига кўра, унда даъво муддати кўрсатилган, бироқ, даъво муддати ўтишининг бошланиш даври кўрсатилганми ёки йўқми деган савол баҳсталаб мавзу. “Никоҳдан ажралган” деган жумла даъво муддати ўтишининг бошланиш даври ҳисобланадими ёки бошқа маънони билдирадими?

“Никоҳдан ажралган” деган жумлани тушириб қолдириб, “Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади” деб олинса айни ҳолатда чегара мавжуд бўлмайди, яъни уч йиллик даъво муддати никоҳ давомидами? ёки никоҳ тугатилганидан сўнг қўлланиладими деган савол туғилиши табиий эди? Шунинг учун, қонуншунос мазкур масалада тўғри ечим қилиб, маълум бир чегарани белгилаб берган. “Никоҳдан ажралган” деган жумла – “никоҳ давомидами?” ёки “никоҳ тугатилганидан сўнгми?” деган мавҳумликка барҳам берган. “Никоҳдан ажралган” деган жумла чегарани белгилаб беради бироқ, даъво муддати ўтишининг бошланиш даврини эмас. Чунки, қонуншунос мазкур моддада Оила кодексининг 63-моддаси каби тўғридан-тўғри даъво муддати ўтишининг бошланиш даврини белгилаб бермаган.

Ушбу моддадан никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати никоҳ тугатилганидан сўнг шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш ўринли бўлар эди. 

Хулоса ўрнида, Оила қонунчилигидаги жузъий камчиликни бартараф этиш вақти етиб келган кўринади. Шунинг учун, юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасида эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш кўрсатилган бўлиб, унинг 9-қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш мумкин: Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб қўлланилади” деб кўрсатиш,

Ёки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги №06-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 28-бандини қуйидаги таҳрирда баён этиш мумкин: Оила кодекси 27-моддасининг тўққизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, 31.08.1998 йилгача ва 15.09.2010 йилдан бошлаб ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки 01.09.1998 йилдан 14.09.2010 йилгача чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) сўнг шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозим (ФК 154-моддаси биринчи қисми) деб кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси С.Л.Анваров