Обращения юридических и физических лиц поступившие через веб сайт
Всего обращений: 38Статистика телефон доверия
Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати
2022-12-07 18:44:34 266
Конституция – асосий қонунимиз, ҳуқуқларимиз кафолати ҳисобланади. Аммо қомус ўзгармас, қотиб қолган ҳужжат эмас. Аксинча, жамият ва давлатда турли ижтимоий муносабатлар ўзгариши билан, инсонларнинг зарурий эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳам конституция замон билан ҳамнафас тарзда такомиллашиб бориши кераклиги айни куннинг давр талабидир.
Назаримизда, конституциявий ислоҳотларда киритилаётган ўзгаришларнинг концептуаллигига алоҳида эътибор қаратиш муҳим масала хисобланади. Таклифларни кенг жамоатчилик, олимлар, амалиётчи мутахассислар, тадқиқот институтлари вакилларини жалб қилган ҳолда йўналишма-йўналиш қилиб, ажратиб ўрганилса, фойдадан холи бўлмайди. Ҳар бир таклифнинг қайси бирини Конституцияда, қай бирини қонунларда акс этишини атрофлича таҳлил қилиш лозим.
Айтиб ўтиш керакки, Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мамлакатда муҳим бир янгилик ва ўзгаришларни конституция даражасида янгилаш зарурати пайдо бўлгандагина амалга оширилади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам аҳолининг конституция орқали оғирини енгил қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни конституциявий йўл билан ҳал қилиш чораларини кўришдан иборат, десак ҳам мантиқан тўғри бўлади.
Амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Аммо конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга ошириш, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишига пухта заминдир.
Дарҳақиқат, Конституция жамият учун ниҳоятда муҳим ҳужжат эканлиги, унинг ҳар томонлама мукаммал қабул қилиниши, биринчи галда, халқнинг манфаатига хизмат қилса, иккинчидан, инсон ва давлат ўртасидаги ўзаро масъуллик муносабатларини атрофлича тартибга солади. Конституция орқали давлат ўз ўрни ва нуфузини дунё ҳамжамиятида намоён қилади.
Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди раиси
Тохиржон Вахобов