Обращения юридических и физических лиц поступившие через веб сайт
Всего обращений: 38Статистика телефон доверия
"Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан"
2023-10-20 08:48:25 903
Халқимизда «Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан», деган пурмаъно мақол бор. Бу нақл бежиз айтилмаган, албатта. Негаки, экинларни кузда экиб, қор остида қолдириш усулига тўқсонбости деб айтилади. Бундай экинларнинг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.
Ўсимликни кузда экишнинг яна бир сабаби шундаки, шу вақтда экилган экинлар кўкламда экилганига нисбатан кўпроқ ҳосил беради. Энг муҳими, деҳқончиликнинг тўқсонбости усули яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини ҳам беради.
Бугун қишлоқ хўжалигида кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифаларга бағишланган амалий семинар “Асилбек Аюбхон Аббосбек” фермер хўжалиги дала майдонида бўлди. Унда экин майдонларида кузги агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб бориш, тўқсонбости экинлар ва ғалла ҳосилини етиштириш, “яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги мавсумни жадаллаштириш, дала четларида токзорлар ташкил этиб, узум етиштириш каби масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 августдаги ПҚ-260-сон қарорига асосан тумандаги дала четлари, аҳоли томорқаларида 800 гектар узумзорларлар ташкил этилиши белгилаб олинган. Бугунги кунда фермер хўжаликлари дала майдонлари четида токзорлар ташкил этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Буғдой энг кўп тарқалган асосий донли экинларидан бири ҳисобланади. Бутун дунё халқларининг ярмидан кўпроғи озиқ-овқат сифатида буғдой нонидан фойдаланади. Айни кунларда далаларда кузги буғдой экиш авжида. Туманда 6200 га экин ерларида буғой етиштириш режалаштирилган бўлса, 80 % буғдой экин майдонларига уруғ қадалди. Экинзорларда суғориш ва бошқа агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилмоқда. Кузги буғдой тупроқнинг унумдорлигига, бегона ўтлардан тоза ва нам билан яхши таъминланган тупроқларга талабчандир. Барқарор мўл ҳосил олиш учун кузги буғдойни алмашлаб экишда тўғри жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш энг устувор вазифа саналади. Ушбу тадбирлар шубҳасиз, озиқ-овқат таъминотини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.