Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ФУРҚАТ ТУМАНИДА НАСЛЛИ ҚОРАМОЛЧИЛИК ТАРМОҒИ РИВОЖЛАНМОҚДА
2023-06-16 17:33:55 446
Республикамизда қорамолчилик етакчи тармоқ бўлиб, ишлаб чиқарилаётган гўшт ва сутнинг асосий қисми унинг улушига тўғри келади. Айниқса, сутдор қорамолчиликда урчитиш учун режалаштирилган қорамолларнинг маҳсулдорлик, пуштдорлик ва бошқа хусусиятларини янада такомиллаштириш жуда муҳим. Қорамолларни озиқлантириш ва парваришлаш билан биргаликда урчитилаётган сигирларни жаҳоннинг илғор селекцион усулларидан фойдаланиб, насл ва махсулдорлигини яхшилаш республикамиз чорвачилиги олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Сунъий уруғлантириш чорвачиликни жадал ривожлантириш, айниқса чорва молларини кўпайтириш, соғлом ва сермаҳсул авлод етиштиришда асосий ўрин тутади.
Селекция ишларини жадаллаштириш мақсадида Корея давлатидан ТОП-10 таликка кирувчи Голштин зотли наслли буқалардан 2 минг доза уруғлар олиб келинди ва вилоятлар бўйлаб Голштин зоти урчитилувчи фермер хўжаликларига тарқатилди.
2023 йилнинг 5 ойи давомида, ҳар ойнинг дастлабки 10 куни ичида ҳар бир хўжаликда мониторинг ишлари олиб борилиб, уруғлар сарфи ва натижалари назорат қилиб борилди.
Сунъий уруғлантириш амалиётини тўғри ташкиллаштириш борасида лойиҳа доирасида институт тажриба хўжалигида сунъий уруғлантириш пункти яратилди. Қолаверса, хўжалик иқтисодий самарадорлигини оширишда энергия сарфини қуёш панелларидан фойдаланиб камайтириш мақсадида KOPIA маркази томонидан қуёш панеллари ҳам ўрнатилди.
KOPIA маркази билан кўп йиллик ҳамкорлик давомида лойиҳалар доирасида қорамолларни озиқлантиришда Кореянинг TMR технологияси Ўзбекистонда жорий қилиб келинди. Хусусан, жорий йилнинг март ойида Фарғона вилоятида тажриба учун 4 та хонадонда 2 бошдан жами 8 бош соғин сигир танлаб олинди ҳамда Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтининг тажриба хўжалигида 6 бош соғин сигир тажриба учун ажратилди.
Тажриба учун танланган қорамолларга институт ходимлари томонидан сигирларнинг сут маҳсулдорлигига меъёрлаштирилган тўлақийматли рацион ишлаб чиқилди ва шу рацион асосида 2 ой давомида озиқлантирилди. KOPIA маркази томонидан хонадон эгалари учун рацион таркибидаги концентрат озуқалар ва қўшимчалар олиб берилди.
Озиқлантириш бўйича тажрибанинг институт тажриба хўжалигидаги натижалари ҳам ижобий кўрсаткичларни қайд этди. Тажрибадаги сигирларнинг сут маҳсулдорлиги билан биргаликда уларнинг тирик вазнида ҳам ўсиш кузатилди. Тажриба гуруҳидаги сигирларда тажриба бошланган вақтдагига нисбатан тирик вазн 14 кг, тажрибадан кейинг назорат гуруҳига нисбатан 9 кг юқори бўлди. Кореянинг ТМR технологияси орқали соғин сигирларни озиқлантириш уларнинг сут маҳсулдорлигини 20.5 фоиз ошишига олиб келди.
TMR технологиясида майдалаб тайёрланган озуқалар қорамоллар томонидан яхши истеъмол қилиниши натижасида қолдиқ озуқалар қолмади ва озуқалар исрофгарчилиги йўқолиши эвазига иқтисодий самарадорликнинг ўсишига олиб келди. Сунъий уруғлантиришнинг 5 ойлик натижаларига кўра, хўжалик шароити яхши, озиқлантириш ишлари тўғри ва тўлиқ ташкиллаштирилган, сунъий уруғлантириш бўйича мутахассислар яхши фаолият юритувчи фермер хўжаликларида сунъий уруғлантириш натижадорлиги юқори бўлди.
Лойиҳани амалга оширишда фурқатликлар ҳам фаол иштирок этишди. Жумладан, жорий йил 10 та хонадонда 5 бошдан йирик шохли қорамоллар етиштирилиб, тажриба ниҳоясига етказилди. Шу кунгача наслли қорамол етиштириш, сони ва маҳсулдорликни кўпайтиришга эътибор қаратилган бўлса, эндиликда сут миқдори ва сифатини яхшилаш бўйича янги лойиҳани амалга оширишга киришилди.
Бугун Фарғона вилояти Фурқат туманидаги “Томоша” МФЙда лойиҳа давомида юқори натижага эришган Ғуфуржон Пўлатовнинг хонадонида семинар ташкил этилди. Унда Фурқат туман ҳокими Жаҳонгир Жуманов иштирок этиб, фуқароларга наслли қорамолчилик тармоғини ривожлантириш, шу орқали аҳоли даромадини кўпайтириш борасидаги мулоҳазаларини билдириб ўтди.
- Сифатли озуқалардан ва соф экологик чорва маҳсулотларини етиштиришда, озуқа базасини мустаҳкамлаш, чорва молларига илмий асосда уларнинг физиологик ҳолатини ҳисобга олиб, баланслаштирилган энергетик ва тўла қийматли рацонлар билан озиқлантириш муҳим, дейди - Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти директори Аъзамжон Нурматов, - Бунинг учун озуқаларни чорва молларига технология асосида едиришга тайёрлаш катта аҳамиятга эга. Бундай технологик усулда тайёрланган озуқаларни чорва моллари яхши итеъмол қилади ва ҳазм бўлиши ҳам юқори бўлиб, маҳсулдорлик ҳам кескин ошади.
Семинар давомида “КOPIA” директори Oh Sung Jong қорамолни парваришлаш жараёни ҳамда сут маҳсулдорлигига эришиш борасидаги зарурий тавсиялари билан ўртоқлашди.
Қорамолни парваришлашда кундалик рационга қатъий риоя қилиш талаб этилиши ва бунда озуқанинг миқдорига эмас, балкивитаминга бой бўлишига ҳамда ўз вақтида берилишига эътибор қаратилса, яхши самара бериши таъкидланди.
Шерматжон ЖАББОРОВ,
Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институти директор ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги бўйича фалсафа фанлари доктори