Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ИЧКИЛИК КАСРИ
2023-06-27 13:31:51 179
Ривоят қилишларича, шайтони лаин руҳан беқарор йигитнинг ҳузурига келиб, бундай дебди:
“Сен мен айтган учта шартнинг, гарчи уларнинг ҳар бири гуноҳ саналсада, биттасини бажаришга мажбурсан. Хоҳласанг, ҳа демай олдингга бир одам келади – уни ўлдирасан, бунга қўлинг бормаса - ҳув ануви чиройли қизни кўряпсанми, ўшани бадном қиласан, буни ҳам истамасанг – мана бу шишадаги чағир (ароқнинг қадимги номи)ни ичишга мажбурсан!”
Йигит ўйлай-ўйлай малъун айтган шартнинг учинчисини танлаб, бир сипқоришда шишани бўшатибди.
Шу заҳоти кайфи ошиб, шаҳват асирига айланибди. Қанчалар ялинмасин, дод-фарёд солмасин, бояги қизнинг номусига тегибди.
Кейин эса тасодифан келиб қолган қиз акасининг аламзада ҳуружидан ҳимояланиш учун унинг кўксига ханжар ботиришдан ўзга чора тополмабди...
Оммавий ахборот воситалари орқали кузатганимизда, рўйхатга олинган қонунбузарликларнинг аксарияти – у қотилликми, талончиликми, босқинчиликми, ўғирликми ёинки номусга тегиш - ҳаммасининг илдизи ичкиликбозликка бориб тақалади.
“Ўшанда маст эдим, нима қилганимни билмайман, илтимос, кечиринглар”, - дейди судланувчилар кўпинча. Аммо қонунчиликда белгилаб қўйилганки, жиноят содир этган пайтда сархуш бўлгани айбдорнинг айбини енгиллаштирадиган ҳолат ҳисобланмайди. Бундан келиб чиқадики, инсонпарварлик тамойилига асосланган миллий қонунчилигимиз – ичкиликбозликка қарши!
Судланувчи Н.Н (исм-фамилия ўзгартирилади) Фурқат тумани, “Тўрғай” МФЙда яшаб келгани ҳолда, 2022 йил 18 ноябрь куни соат 11:00 ларда спиртли ичимликдан маст ҳолда шу маҳалланинг 52-уйида яшовчи таниши А.Шни спиртли ичимликдан маст ҳолда маҳалла марказида юрганлигини кўриб, ўзаро жанжаллашиб қолиб, жанжал давомида қўлидаги пичоқни Ш.Анинг бўйин қисмига бир маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.
Иш бўйича ўтказилган суд-экспертизаси жабрланувчининг ўлими бўйин олд юзаси ўнг пастки қисмида плевра бўшлиғига тешиб ўтган санчма-кесма яраси, ўнг ўмров ости венасини тўлиқ кесилиши, ўнг ўпка юқори бўлаги санчма-кесма яраси оқибатидаги ўткир қон йўқотиши натижасида юз берганлиги, қонида 2,6 промилле этил спирти борлиги аниқланиб, бу кўрсаткич одатда тирик шахсларда кучли даражали мастлик ҳолати деб баҳоланиши кўрсатиб ўтилган.
Суд томонидан жиноят иши ўрганиб чиқилиб, гумондорнинг тўлоқ иқрорлиги, жабрланувчи вакили ва гувохларнинг суддаги кўрсатувлари, жиноят иши материалидаги хабарнома, ходиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси, мурдани кўздан кечириш баённомаси, унга илова қилинган фотожадвал, ашёвий далилни олиб қўйиш ва кўздан кечириш баённомаси, унга илова қилинган фотожадвал,суд-тиббий экспертизасининг хулосаси ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан исботланди.
Фуқаро Н.Н Ўзбекистон Республикаси ЖК 97-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тохиржон ВАХОБОВ,
Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судининг раиси.