Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Дилоромхон Ҳасановага уч хонали янги уй қуриб берилди
2024-10-10 09:17:47 1963
Президентимизнинг фармони асосида 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланган бўлиб, вилоятимизда бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Раҳбарлар камбағал оилаларга ва маҳаллаларга бириктирилиб, уларга ҳар томонлама амалий кўмак берилмоқда.
“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали раҳбарияти томонидан намуна сифатида ўзига бириктирилган Фурқат туманидаги Кармак МФЙда яшовчи Дилоромхон Ҳасановага уч хонали янги уй қуриб берилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фурқат туманида бўлиб, мазкур хонадонда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган Дилором Ҳасанова ўғли билан бирга синглисининг уйида яшаб келаётган эди. Эндиликда унинг ўз уйи бор. 6 сотихли янги уйда тандирхона, ҳаммом, ошхона бор. Шунингдек, икки бош қўй ва товуқлар олиб берилиб, оила даромадини яхшиланишига амалий ёрдам берилди. Касб-ҳунар мактабини битирган ўғли эса туман газ таъминоти бўлимига ишга қабул қилинди.
Вилоят раҳбари билан суҳбатда Дилоромхон Ҳасанова кўрсатилган бундай эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.