Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 0 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


"Янги Ўзбекистон-янги суд" тамойили асосида одил судловга эришиш янги босқичда

×

 2023-02-01 18:16:21    247

PDF yuklash
Chop etish


Сўнгги йилларда мамлакатимизда кузатилаётган ислоҳотларнинг энг жадаллик билан ва ўз самарасини бераётганлигини бевосита кўришимиз мумкин. Уларнинг орасида суд ҳокимияти, унинг мустақиллигини янада таъминлаш масалалари, одил судловга эришиш ва жамоатчилик билан судларни доимий ишончли алоқаларини йўлга қўйиш борасидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар бугунги кундаги суд ҳокимияти эришаётган асосий ютуқларнинг таянч устуни сифатида баҳоланмоқда. Бугунги кунда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан 2023 йил 16-январда қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолати ҳамда одил судловни амалга оширишдаги қонунчилик нормаларига риоя қилинишини янада кучайтиради. 

Шу билан бир қаторда 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури  тасдиқланди. Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстансияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилиган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстансия судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.

Шунингдек, судяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судяларнинг ҳавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилиб, суднинг мустақиллиги ва судялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди:

судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;

суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш;

одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш;

судяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.

Суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий суд тузилмаси такомиллаштирилиб суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этиш белгиланди. Айтиб ўтиш жоизки, фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий қонунчилик, судларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принсиплари ва нормаларини ўрганиш, уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича ҳам бир қанча вазифалар белгиланди.

Ахборот-коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази ташкил этилиб, республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш, ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш ҳам такомиллаштириладиган бўлди.

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази  ташкил этилиб, судлар матбуот хизматларининг асосий вазифалари этиб, суд фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш, судлар фаолиятига доир ахборотлар бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил ва прогноз қилиш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, одил судловга ҳам  давлат даражасида улкан эътибор қаратилмоқда. Кўплаб ривожланаётган давлатларда бўлгани каби бизнинг давлатимизда ҳам суд ҳуқуқ масалалари  динамик характерга эга бўлган соҳалардан бири ҳисобланиб, ҳар 3-4 йилда маълум даражада янгиланиш хусусиятига эга. Шу ўринда, бугунги кунда мазкур соҳада мавжуд айрим камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, бартараф этиб борилса, нисбатан қисқа муддатларда мамлакатимизда ушбу соҳага оид кўплаб ютуқларга эришиш мумкин. Шу ўринда айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва ушбу фармонда кўрсатилган суд соҳасига оид устувор вазифалар жамиятда қонун ҳамда адолат устуворлигини таъминлаш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган десак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Фуқаролик ишлари бўйича
Ўзбекистон туманлараро судинининг судяси А.Қ.Йигиталиев