Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қутлуғ айём, муборак рамазон ойида яна бир саховат тадбирига қўл урилиб, янги қуриб битказилган хонадон калити ўз эгасига топширилди.
2023-03-27 16:28:53 311
Темирова Наргиза Фурқат тумани Жангкетмон маҳалласида истиқомат қилади. Оиладаги нотинчликлар, турмушнинг оғир ташвишлари уни йиллар давомида кўп қийноқларга солади. Устига устак уйи таъмирга муҳтож, ишсизликдан қийналиб оила тебратарди.
Ана шундай оғриқли кунларда оила ҳаётидан яхши хабардор бўлган маҳалла аҳли билан биргаликда туман ҳокимининг қабулига бориб, уй-жой таъмирида амалий ёрдам сўраб мурожаат билан чиқишди. Туман ҳокими қабул сўнгида Наргиза Темированинг яшаш хонадонини ўрганди. Ўрганиш давомида турмуш ўртоғи узоқ йиллардан буён чет давлатида эканлиги, фуқаронинг икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, уй-жойи таъмирига муҳтожлиги аниқланди.
Туман ҳокимининг ташаббуси билан мутасаддилар, давлат ташкилотлари ва ҳомийлар кўмаги билан Наргиза Темировага 8 сотихли ховлида 2 ой давомида 3 хонали шинам ва кўркам уй қад ростлади.
Ошхона, меҳмонхона, ётоқхона каби оила учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Шу кунга қадар фуқарога туман ҳокимининг ташаббуси билан оиланинг даромад манбаига эга бўлиши учун субсидия асосида тикув машинаси ва она-бола қарамол, фарзандлари учун кийим бош, моддий ёрдам пуллари, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Муқаддас Рамазон байрами муносабати билан бугун туман раҳбари Жаҳонгир Жуманов жамоатчилик вакиллари билан бирга ушбу хонадонда бўлиб, уй эгаларини байрам билан муборакбод этган ҳолда, уй эгасига эсдалик совғалари ва хонадон калити тантанали тарзда топширди.
“Ишсиз, кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам бериш бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларнинг, давлатимиз сиёсатининг асосий масаласидир. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир намунаси. Эътиборлиси, хайрли ишга туманимиздаги саховатпеша инсонлар бефарқ бўлмади. Уларнинг фаоллиги билан шундай уй қурилди, оилага қулайликлар яратилди. Ҳаракатда - баракат деб шунга айтишади,-деб туман раҳбари ўз сўзига якун ясаркан, хайрли ишлар давомли бўлишини яна бир бор таъкидлади.
Наргиза Темирова кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликка чексиз миннатдорчилигини билдирди.