Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 9 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


Демократик жамиятда аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимояси муҳим устувор вазифа

×

 2023-05-30 13:22:52    224

PDF yuklash
Chop etish



Хотин қизлар ва бола ҳуқуқлари, бу умуман олганда инсон ҳуқуқлари ҳамдир. яъни инсон ҳуқуқлари авваламбор Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган. Конституциямизнинг бош йўналиши-инсонни ва унинг ҳаётини улуғлашдир. Асосий қонунимизнинг 13-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принсипларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Конституциянинг II бўлими айнан инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормаларни ўз ичига олади.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласи инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми, свилизациянинг энг муҳим ютуқларидан биридир. Инсон ҳуқуқлари ҳамда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларининг тан олиниши учун халқаро миқёсдаги ҳаракатлар тарихида муҳим босқич иккинчи жаҳон урушидан сўнгги йилларда бошланди. 1945-йил июн ойида уруш якун топгач, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1948-йилнинг 10-декабрида инсон ҳуқуқлари хартияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг иккинчи моддасида Декларацияда баён қилинган ҳуқуқ ва эркинликларга ирқи, ранги, жинси, тили, эътиқоди, сиёсий ёки бошқа қарашлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулк, табақа ёки бошқа мансублигидан қатъий назар, барча инсонлар тенг равишда эгалиги қайд этилган бўлиб, у ҳозирда миллий ва халқаро антидискриминацион қонунчиликка асос саналади. Ҳақиқатан, ҳозирги кунда аёл ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўплаб халқаро шартномалар, резолюциялар, декларациялар ва ҳаракатлар дастурларида кафолатланган асосий инсон ҳуқуқларидан биридир. Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро шартнома Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияси (CEDAW) ва унинг Факултатив протоколи ҳисобланади. Бундан ташқари, аёллар ҳуқуқлари БМТнинг бошқа шартномаларининг, жумладан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ирқий камситишга барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция сингари муҳим элементлардир.

Ўзбекистон Республикаси аёллар ҳуқуқларини ҳар доим таъминлашга алоҳида эътибор беради. Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб, 1995-йил 6-майда БМТнинг Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциясига қўшилди. Шунингдек, Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида, Меҳнат ва касб соҳасидаги камситиш тўғрисидаги Конвенциялари ва бошқа халқаро ҳужжатларни ратификация қилган. Ўзбекистон БМТнинг аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциясига қўшилганидан бери олтита даврий ҳисоботи БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишни тугатиш Қўмитасига топширилди. БМТ Аёллар ташкилоти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ташкилотидир. БМТ Аёллар ташкилоти бутун дунё бўйлаб аёллар ва қизлар учун Барқарор Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995-йил 6-майдаги 87-I-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 1979-йил 18-декабрда Ню Йоркда қабул қилинган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияга қўшилиши ҳақида”ги қарорига асосан қўшилган ҳамда ривожланиш мақсадларини амалга ошириш мақсадини кўзлайди ва 4 та стратегик устуворликка эътибор қаратган ҳолда ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг тенг иштирокини қўллаб-қувватлайди.

Конвенция ижтимоий, сиёсий, жисмоний ва бошқа сабабларга кўра барча инсонлар учун умумий бўлган ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда бошқалар билан тенг имкониятга эга бўла олмайдиган ва шу боисдан давлат томонидан ҳам, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қўллаб-қувватланишга муҳтож фуқаролар тоифаси ҳуқуқларини қамраб олади.

Аёлларга нисбатан дискриминациянинг барча шаклларини бартараф этиш ҳақидаги конвенцияда аёлларнинг коллектив ва индивидуал ҳуқуқлари ҳимояси масаласига кучлироқ урғу берилган. Хусусан, 1979-йилги Конвенциянинг 1-моддасига мувофиқ, “аёлларга нисбатан дискриминация" тушунчаси жинс белгилари асосида, хотин-қизларнинг, оилавий аҳволидан қатъий назар, аёл ва эркак тенглигига таяниб, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва бошқа соҳалардаги ҳуқуқлари ва асосий эркинликларидан фойдаланишига тўсқинлик қилиш, уларни тан олмасликка қаратилган ҳар қандай чеклов ёки тақиқни билдиради”. Айни пайтда Конвенциянинг 4-моддасида аъзо-давлатлар томонидан оналикни ҳимоялаш, шунингдек, аёллар ва эркакларнинг фактик тенглигини ўрнатишни жадаллаштиришга йўналтирилган махсус муваққат чоралар дискриминация саналмаслиги таъкидланади.

Умуман олганда, ўтган асрнинг 70-йиллари дунё миқёсида аёллар тенг ҳуқуқлилиги масалаларида уйғониш, жадаллашув сезилган давр бўлди. Хусусан, 1975-йилнинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Халқаро аёллар йили, деб аталиши, 1976-1985 йиллар оралиғидаги даврнинг эса “Тенглик, тараққиёт, тинчлик” шиори остида БМТ Аёллар Ўн йиллиги эълон қилиниши фикримиз исботидир. 1979 йилги БМТ Конвенцияси эса эркак ва аёлларнинг ҳуқуқий асосга бўлган ҳуқуқ ва имкониятларини тенглаштириш вазифасини кўндаланг қўйган, мазкур масалага бағишланган принципиал аҳамиятли илк халқаро ҳужжат бўлди.

2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 83-сон қарори билан тасдиқланган «2030йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар»нинг 5-мақсади – Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш – мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бола ҳуқуқлари ҳам катта аҳамият касб этади. Соғлом авлод жамиятнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Ёш авлод қадрланмаган жамият ҳеч қачон мукаммал ва тез ривожлана олмайди. Келажакни ишониб топшириш учун ҳар қандай жамият ўсиб келаётган ёш авлодни қадрламоғи, унинг ҳар томонлама соғлом қилиб тарбияланишига шароит яратиб бермоғи лозим. Конституция ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир болага инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланади.

Сўнги йилларда Ўзбекистон миллий қонунчилигининг халқаро стандартларга уйғунлигини таъминлаш сари дадил олға силжимоқда. Фикримизнинг далили сифатида шуни айтиш мумкинки, давлатимиз бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида, Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бошқа қатор қонунларни қабул қилди. Барчамизга маълумки, 1948 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган. 1989 йил 20 ноябрда эса Бош Ассамблея резолютсияси асосида “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинди. Ўзбекистон давлати бу Конвенцияни     1992 йил 9 декабрда ратификация қилди. Кейинчалик 2008 йил 7 январда Ўзбекистон Республикасининг  “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, унга кўра бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, “Бола ҳуқуқларини таъминлаш ҳозирги замоннинг глобал муаммоларидан бири бўлиб, уни ҳал этиш билан боғлиқ масалалар жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат эътиборида турибди. Бу бежиз эмас, чунки ёш авлод жамият тараққиёти ва истиқболини таъминловчи етакчи куч ҳисобланади”. Шунинг учун давлатимиз жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эрикнликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиниши кафолатларини таъминлаб беради.  Айниқса, имконияти чекланган болалар, шунингдек етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига, қонун ҳужжатлари талабларига жавоб берадиган турар жой билан таъминланишига кўмаклашади. Бола ҳуқуқларини янада кенг доирада кафолатлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Рeспубликаси Президентининг 2020 йил 29 майдаги “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги навбатдаги қарори Бола ҳуқуқлари бўйича вакил  ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажариши, дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиши ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмаслиги каби қоидаларни қатъий белгилаб қўйди.

Юқоридаги таҳлиллардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, дунё мамлакатлари қаторида ва халқаро ҳамжамиятда муносиб ўринга эга бўлган Ўзбекистоннинг давлат ва жамият сифатидаги тараққиёти силсиласида аёллар ва болаларнинг ўрни, унинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти алоҳида аҳамият касб этади, бугунги глобаллашув жараёнида янги авлоднинг ҳар қандай шароитга нисбатан фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масаласида хотин-қизларнинг ва ёш авлоднинг ўрни ва роли ҳар қачонгиданда муҳим. Шу боис ислоҳотларнинг асосий мазмуни ҳам хотин-қизларнинг янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ўзгаришлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирок этишларини таъминлашдан иборат.


Элёржон Исмоилов Анорбоевич

Фуқаролик ишлари бўйича

Ўзбекистон туманлараро судининг раиси