Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ФУРҚАТ ТУМАНИДА ҒАЛЛАЧИЛИК КЛАСТЕРИНИНГ ЯНГИ УН ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ ИШ БОШЛАДИ
2023-07-05 17:15:24 201
Фурқат туманининг Навбаҳор МФЙ ҳудудидаги “Темирйўлчи” кичик саноат зонасида “Мастона бўстони” МЧЖ томонидан барпо этилган ун ишлаб чиқариш корхонаси тантанали тадбир билан ишга туширилди. Очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида ташкил этилган ғаллачилик кластерлари қаторидаги “Фурқат дон кластери” тизимида бўлган янги корхонанинг лойиҳа қиймати 4,4 миллион доллар бўлиб, у тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан 2 босқичда амалга оширилди. Дастлаб 54 та янги иш ўрни яратилган бўлса, айни кунда доимий иш ўринлари сони 105 тага етди.
Корхона Туркиянинг замонавий технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 45 минг тоннани ташкил этади. Ҳозирда маҳсулотлар асосан ички бозорга чиқарилмоқда ва ишлаб чиқариш янада кенгайтирилиб, қарийб 3 миллион долларлик экспортни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Корхона қошида уруғчилик йўналишида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш учун уруғчилик мини заводи ҳам жой олган.
Тадбирда сўз олганлар томонидан юртимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити туфайли фарғоналик тадбиркорлар ҳам фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатаётгани алоҳида қайд этилди.
Кенг жамоатчилик ва нуронийлар иштирокида рамзий тугма босилиб, янги корхона ишга туширилди ва меҳмонлар бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Навбатдаги босқичда корхонага ёндош 1 гектар ҳудудда Германия технологияларидан фойдаланган ҳолда асосан кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган клейковина ишлаб чиқариш, шунингдек, спирт ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича амалга оширишга киришилаётган, умумий қиймати 62 миллиард сўм бўлган лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди.