Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ТУМАНИМИЗНИ “ЯШИЛ МАКОН”ГА АЙЛАНТИРАЙЛИК!
2023-10-18 14:27:18 856
ТУМАНИМИЗНИ “ЯШИЛ МАКОН”ГА АЙЛАНТИРАЙЛИК!
Фурқат тумани маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг туманимиз аҳолисига
МУРОЖААТИ
Азиз ва муҳтарам тумандошлар!
Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг энг муҳим вазифаларидан бири инсон ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишдан иборат бўлиб, давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш белгилаб қўйилди.
Хабарингиз бор, Президентимиз бошчилигида яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг 25 октябридан 1 декабргача бўлган муддатда мамлакатимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” ўтказилиши эълон қилинди.
Шу тариқа юртимизнинг барча ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида кўчат экиш тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказиш режалаштирилди.
Видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари “Дарахтларни номига эмас, ҳаётимиз, эртанги кунимиз учун экиш керак”, дея таъкидлади.
Фурқат туманида ҳам умуммиллий лойиҳа доирасида кузги мавсумда 223 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш белгиланган. Айни кунларда туманнинг барча маҳаллаларида кенг кўламли тараддуд ишлари олиб борилмоқда.
Кўчат экиш ишларига ҳар бир ҳудуд кесимида алоҳида тайёргарлик ишлари ташкил этилиб, маҳалла фуқаролар йиғинларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси давомида экиш учун турли навдаги кўчатлар тайёрланмоқда.
Куз фаслида кўчат экиб, кўкаламзорлаштириш муҳим ишлардандир. Деҳқонларимиз тажрибасига кўра куз фаслида экилган дарахт кўчатлари бехато кўкариб, ўзининг яхши самарасини беради. Шу туфайли бугунги кунларни ғанимат билиб, имкони борича кўчат экишга аҳамият берайлик. Албатта, дарахт кўчати экишда катта савоб бор. Бу ҳақида ҳадисда “Агар бир банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”, дейилган.
Шундай экан, барча даражадаги раҳбарларни, маҳалла фаолларини, нуронийларни, ёшларни, туманимиз аҳолисини “кузги дарахт экиш мавсуми”да фаол иштирок этишга чорлаймиз!
Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабошилар!
Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно ҳикмат бор. Миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадонда кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурайлик.
Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришда Сизнинг фаоллигингиз ва ташаббускорлигингизга суянамиз. Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари жонбозлик кўрсатса, кўзганган натижага эришиш мумкин.
Муҳтарам нуронийлар!
Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим. Шундай экан, ёшларга ибрат ва намуна кўрсатиб, дарахт экиш ишларида фаол бўлишингизни сўраймиз.
Янги Ўзбекистоннинг янги, истиқболли, интеллектуал авлодини учинчи “Ренессанс” пойдеворини яратишда иштирокчи ва ташаббускор бўлишда Сизлар карвонбоши бўлиб, “Яшил олам”ни яратишдек ҳайрли ва олийжаноб тадбирга бош бўласизлар деб умид қиламиз!
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!
Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта.
Бу савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузарига ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, туманимиз чин маънода “Яшил макон”га айланиши шубҳасиз.
Ҳурматли тумандошлар! Ўйлаймизки, туманимиз аҳолиси шу сай-ҳаракатларга бефарқ бўлмайдилар. Яна бир бор биз барча фурқатликларни юртимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этишларини сўраб қоламиз.