Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонуннинг аҳамияти ҳамда давлат бошқарувидаги ўрни

×

 2024-08-14 16:30:19    1075

PDF yuklash
Chop etish


Ҳозирда кундалик ҳаётимизда манфаатлар тўқнашуви тўғрисида кўп эшитамиз ва баъзида бундай ҳолатларга дуч ҳам келганмиз. Бу жамият ва давлатга катта зарар келтирадиган иллатлардан бири ҳисобланиб, у бор жойда мавжуд соҳалар ривожланиши ўрнига, орқага кетади, адолатсизлик, коррупциявий ҳолатлар кўпаяди, фуқароларнинг давлат органлари ва ҳокимят органларига бўлган ўзаро ишончи сўнади, мутахассис ходимлар салоҳияти рўёбга чиқмайди. Бу борада давлат органи ва ташкилоти ходимларининг манфаатларига зид келадиган ёки зид келиши мумкин бўлган манфаатлар ҳақида хабар бериш амалиёти қилинмаганлиги, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва тартибга солиш бўйича самарали ҳуқуқий механизм яратилмагани бу борада қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этди. Шу сабабли, мухтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йилнинг 5 июнь куни «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуннинг имзоланиши манфаатлар тўқнашуви бўйича келиб чиқадиган муаммоларни бартараф этиш, хусусан, уни олдини олиш ва тартибга солишнинг аниқ тартиби белгилаб берди.

Унга кўра манфаатлар тўқнашуви - ҳахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият ҳисобланади. Мазкур Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.

Ҳаммамизга маълумки, мазкур қонун қабул қилинишидан олдин манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солиш бўйича ягона амалиётни шакллантирувчи ваколатли орган ҳамда давлат органлари, муассасаларида ва бошқа ташкилотларда уларни амалга ошириш ва назорат қилишнинг аниқ механизмлари белгиланмаган эди. Қабул қилинган «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунга асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш билан боғлиқ муносабатларда махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди ҳамда унга манфаатлар тўқнашуви юзага келганда маъмурий баённомаларни тузиш ваколати ҳам берилди. Агентлик бу борада давлат ташкилотлари ўз тизимидаги манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини вақтида аниқлаш ва уларни тартибга солиш тўғрисида зарур чора-тадбирларни кўришда масъул этиб белгиланди ва шу билан юқорида айтиб ўтилган масалалар ўз ечимини топди.

 Мазкур Қонуннинг энг асосий жиҳати шундаки, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш икки хил усулда, яъни, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация бериш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонунда эътибор қаратиладиган масалалардан бири шуки, агарда давлат хизматчиси томонидан ўзи назорат қиладиган объектларда унинг яқин қариндош(лар)и ишлайдиган бўлса, мазкур ҳолатнинг олдини олиш учун ходим бу ҳақида манфаатлар тўқнашуви декларациясида кўрсатиши ҳамда яқин қариндош(лар)ига тааллуқли бўлган масалалар бўйича назоратни амалга оширмаслик чораларини кўриши керак. Шу ўринда, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб кимлар эътироф этилиши мазкур Қонунда келтирирб ўтилган бўлиб, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахслар шулар жумласига киради.

Бундан ташқари Қонунга асосан, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва аниқлашда иштирок этадиган ходимларга ишониб топширилган ёхуд уларга касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан маълум бўлиб қолган шахсларнинг шахсга доир маълумотларини ошкор этишга йўл қўйилмаслиги ва давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятидаги манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чоғида шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур қонундаги яна бир масала шуки, манфаатлар тўқнашувини содир этганлик учун қўлланиладиган жазо чорасидир. Қонунга кўра, манфаатлар тўқнашувини содир этганларга нисбатан энг оғир жазо маъмурий жавобгарлик этиб белгиланган бўлиб, жиноий жавобгарлик кўрсатилиб ўтилмаган. Лекин бир қанча хорижий давлатларда манфаатлар тўқнашувини содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Фикримизча, давлат бошқарувида манфаатлар тўқнашувига нисбатан жавобгарликни кучайтириш эмас, одоб-ахлоқ меёрлари ўргатиш ва уларга амал қилишини таминлай олишимиз керак. Финландия тажрибасида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга энг аввало жамиятнинг ўзи жазо беради. Бундай шахслар учун ҳуқуқбузарликни содир этганлик жуда ҳам уятли ҳолат бўлиб, оиласи, қариндош-уруғлари, дўстлари, маҳалласи, халқи олдида изза бўлган ва ёшликдан ҳуқуқбузарлик содир этмаслик ўргатилган.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, ўз вақтида манфаатлар тўқнашувига қарши кескин курашилса, унга чек қўйилса, коррупция барҳам топади, жамият ва давлат ҳаётида ўзгариш ҳамда ривожланиш бўлади. Шу сабабли ҳам мазкур «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларида ва бошқа ташкилотларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва тартибга солишнинг мукаммал ва самарали механизмларини жорий қилиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ белгилаш ҳамда мамлакатимизнинг коррупцияга оид халқаро рейтингдаги кўрсаткичларини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, у жамият ва давлат бошқарувида адолатлилик, қонунийлик, тенглик ва албатта шаффофликни таъминлашга, фуқароларнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларига бўлган ишончини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшади.


Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон

туманлараро суди раиси                                                              Э.Исмоилов