Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўлланиши
2024-12-04 11:26:07 3216
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.
Бу ҳуқуқ фақат судга мурожаат қилиш, балки давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш имконини ҳам тақдим этади. Шу билан бирга, Конституциянинг норма ва принциплари судлар томонидан тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида қарорига кўра Конституция, мамлакатдаги барча қонунлардан юқори туради ва судлар ишларни кўриб чиқишда Конституция нормаларини биринчи ўринда қўллашлари керак. Агар бирон-бир қонун Конституция нормаларига зид бўлса, судлар Конституцияга асосланиб иш кўришлари шарт.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси мамлакатнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати сифатида олий юридик кучга эга эканлигини белгилайди. Ушбу Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши, яъни унинг нормалари ва принципларининг давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларидан биринчи навбатда қўлланилиши – ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим шартларидан биридир.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиш принципи давлат органларига, мансабдор шахсларга ва фуқароларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асосларни таъминлайди. Бу нормага мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Конституциянинг ўзига хос қоидаларини бевосита ва сўзсиз қўллашлари шарт. Бундан ташқари, Конституциянинг амал қилиш тартиби, турли давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан ўз фаолиятларида, жумладан, қарорлар қабул қилишда ёки суд ишларини юритиш, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят суд ишларини кўриб чиқишда Конституциянинг тўғридан-тўғри қўлланилишига йўл қўйиш зарур.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши, айниқса, суд органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи муассасаларнинг фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Судлар Конституцияга мурожаат қилган ҳолда қарорлар қабул қилиши, ва фуқаролар Конституцияда белгиланган ҳуқуқлари ва эркинликларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши мумкин. Мисол учун, Конституциянинг 47-моддасига кўра, суд қарорисиз фуқаро уй-жойдан маҳрум қилинишини аниқ тақиқлайди. Бу ерда Конституциянинг аҳамияти шундаки, агар давлат органи ёки мансабдор шахс қандайдир қонун ёки қоидаларни бажаришда мафҳуман тўғри ишлашни истаса, Конституциянинг нормаларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши лозим.
Шунингдек, Конституцияга киритилган янги қоидалар, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ҳар қандай баҳоналарга, масалан, "тартиб ишлаб чиқилмаган" ёки "юқоридан кўрсатма ёки буйруқ берилмаган" каби сўзларга тўғри келмайди. Конституцияда белгиланган нормаларга нисбатан ҳар қандай қонун ёки ҳуқуқий ҳужжатга қарамасдан, улар тўғридан-тўғри амал қилишга асос бўлиб хизмат қилади.
2023 йил 1 майдан жорий йилнинг 1 ноябрга қадар судлар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаган ҳолда 182 219 иш кўриблиб, шундан, 34 429 та фуқаролик иши, 34 626 та жиноят иши ва материали, 63 328 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ва материали, 39 448 та иқтисодий ишга тўғри келмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши давлатнинг ҳуқуқий тизимини мустаҳкамлайди, ҳуқуқий мустақиллик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кафолат беради. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият қуришнинг асосий пойдеворларидан бири ҳисобланади.
Элёржон Исмоилов
ФИБ Ўзбекистон туманлараро суди раиси