Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Янгиланган конституция — ислоҳотларнинг янги босқичи
2024-12-04 11:29:23 2042
2023 йил 1 майдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси мамлакатда ҳуқуқий ва сиёсий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг демократик ривожланиши, фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, давлат бошқаруви тизимининг такомиллашуви ва иқтисодий-сиёсий барқарорликни таъминлашга йўналтирилган. Конституциядаги янгиланишлар мамлакатнинг глобал миқёсдаги позициясини мустаҳкамлашга ва фуқароларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган.
Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгилди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади. Бу ўз навбатида, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро меъёрларга мосликни таъминлашга ёрдам беради.
Камбағалликни қисқартириш, ишсизликдан ҳимоя қилиш
Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича нормалар белгиланди.
Хусусан, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланди.
Суд тизими такомиллаштирилди
Суд тизими янги Конституцияга киритилган ўзгартиришлар билан янада мустаҳкамланди. Суд ҳокимияти мустақил равишда фаолият юритиши, шунингдек, судларнинг жамият ва давлат учун адолатни таъминлашдаги роли янада оширилди. Янги таҳрирда судларга мустақиллик ва юридик баҳолаш мезонлари тақдим этилган. Шу билан бирга, суд қарорларини ижро этишнинг самарадорлигини ошириш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб қўйилди.
Суд ислоҳотлари давлатни ҳуқуқий давлатга айлантириш жараёнининг муҳим таркибий қисми бўлиб, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган.
Экологик барқарорлик
Янгиланган Конституцияда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланди.
Шу муносабат билан, давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади, деган норма белгиланди. Шаҳарларнинг бош режаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилиши шартлиги қайд этилди.
Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Бу ўзгартиришлар мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва иқлим ўзгаришларига қарши курашиш сиёсатини кучайтиришга хизмат қилади. Бу эса, Ўзбекистоннинг экологик барқарорлигини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Таълим олиш имкониятлари кенгайтирилди
Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилади, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлади. Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилди. Асосий қонунда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланди.
Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти қайд этилди. Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилди.
Ўлим жазоси таъқиқланди
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилмоқди. Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланди. Ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.
Бундан ташқари, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилган. Бу орқали халқаро эътироф этилган «Хабеас корпус» институтини қўлланиш кўлами янада кенгайди.
Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган «Миранда қоидаси»), сукут сақлаш ҳуқуқи берилди.
Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилди.
Ёшлар ҳуқуқлари
Ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш кафолатланди.
Жумладан, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди ҳамда жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Шунингдек, Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги кафолатлари тўғрисида бандлар киритилди.
Хулоса
Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси мамлакатдаги ҳуқуқий ва сиёсий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу ўзгаришлар фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини янада кенгайтиришга, давлат бошқарувини демократлаштиришга ва мамлакатни глобал миқёсда ривожлантиришга хизмат қилади. Янгиланган Конституция Ўзбекистонни ҳуқуқий ва демократик давлат сифатида мустаҳкамлашга, адолатли ва тенглик тамойилларини амалда татбиқ этишга ёрдам беради.
Азизжон Турдалиев,
Фуқаролик ишлари бўйича
Ўзбекистон туманлараро суди судьяси